Равшан Эрматов Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизматига берган интервьюсида ФИФА инспекторлари унинг жаҳон чемпионатидаги ҳакамлигига қандай баҳолагани ҳақида гапириб берди.

ФИФА ҳакамлар қўмитаси жаҳон чемпионатининг қолган учрашувларини бошқарадиган ҳакамлар рўйхатига Равшан Эрматовни киритмади. Аммо у мундиалда 11 ўйинни бошқарган ҳолда, ўз рекордини янгилади.

Эрматовнинг сўзларига кўра, у жаҳон чемпионатининг ҳакамлар рекордида Ўзбекистон номи биринчи ўринда туришидан фахрланади.

Арбитрнинг айтишича, у бошқарган Аргентина — Хорватия (0:3) ва Испания — Марокаш (2:2) ўйинлари енгил баҳслар сирасидан эмасди.

«Худога шукр, биз бу ўйинларни яхши, қўпол хатоларсиз ўтказдик. Инспекторлар бизнинг ишимизни яхши баҳолашди ва: „Биз бу ўйинларда 3−4 қизил карточка бўлади деб ўйлагандик. Аммо сизлар ўйинни адолатли, четлатишларсиз ва жароҳатларсиз бошқардинглар“ дейишди», — деди Равшан Эрматов.

Ҳакам шунингдек ўз ёрдамчиси Абдуҳамидулло Расуловнинг жароҳати ҳақида гапирди. Таъкидлаш ўринли, Равшан Эрматов бригадасига мундиалда ишини давом эттиришига айнан шу жароҳат халал берди.

«Афсуски, ёрдамчимнинг тиззасидаги эски жароҳати яна ўзини эслата бошлади. Бу жароҳат унга тўлиқ куч билан ҳаракат қилиш ва майдонга чиқиш имконини бермади. Тикланиш учун кўп вақт керак. Жаҳон чемпионатида эса вақт чегараланган», — деди у.