Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, «Адолат» социал-демократик партияси фракцияси аъзоси Қодир Жўраев Каттақўрғон Ички ишлар бошқармаси раҳбари ва шаҳар прокурорини аёл кишини таҳқирлаш ҳолати бўйича айбни ўзига олиш ва истеъфога чиқишни таклиф қилди. У ўзининг ушбу фикрларини Facebook тармоғидаги саҳифасида ёзиб қолдирди.

«Шаҳар раҳбарлари учун истеъфо бериш — энг оқилона йўл! Каттақўрғон шаҳридаги мудҳиш ҳодиса фақат бир кишининг айби билан содир бўлмаган. Бунга шаҳардаги бутун бошли тизим айбдор! Шундай вазиятда шаҳар ИИБ бошлиғи ва шаҳар прокурори ҳамма айбни ўз зиммаларига олиб, истеъфо берсалар мақсадга мувофиқ бўларди», — дейди у.

«Нима учун дейсизми?! Шаҳар аҳлининг ишончини оқламаганликлари учун; давлатимизнинг ҳозирги сиёсати мазмун-моҳиятини ходимларга тушунтириб беролмаганликлари ва улар устидан назоратни қўлдан бой берганликлари учун; президентнинг топшириқлари сўзсиз бажарилишини таъминлаб бермаганликлари учун; энг ёмони — миллатимиз келажаги бўлмиш аёл зотининг таҳқирланишига йўл қўйиб берганликлари учун», — дея таъкидлади у.

Бошқа бир депутат — Либерал-демократик партияси фракция аъзоси Расул Кушербаев юз берган воқеа юзасидан қуйидагича фикр билдирди: «Улар ўғри деб гумон қилинган аёлни эмас, бутун бошли миллатни, халқни, давлатни ечинтирибдилар. Қонунларимизни, оримизни, эркак деган номимизни оёқости қилибдилар… Ҳайф, ҳайф, ҳайф».

3 июнь куни соат 10:00 ларда фуқаро Н.Т. Каттақўрғон шаҳрининг «Деҳқон бозори"да бўлган вақтида шаҳар ИИБ ходимлари уни ўғрилик қилганликда гумон қилиб, шаҳар ИИБ маъмурий биносига олиб келишган. Шаҳар ИИБ тезкор вакили С.Умаров унга ўғрилик қилиш мақсадида бозорга келганлигини айтиб, уни ҳақорат қилган. Сўнг ИИБ маъмурий биносининг коридорида Н.Т. нинг эгнидаги барча кийимларини ечишга мажбур қилиб, бу ҳолатни ўзи видеотасвирга олган. Аёл 22 июнга келибгина ушбу ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот органларига ариза ёзади. Видеоёзув «Озодлик» радиоси томонидан 4 июль куни интернетга жойланганидан кейин мазкур ҳолат юз бергани барчага маълум бўлди.

Видеода яна бир аёлнинг овози эшитилган. Бироқ ишнинг деталлари, жумладан, жабрланганлар ва айбланувчилар суриштирув якунланганидан кейин маълум бўлади, дея хабар беришди «Газета.uz"га Бош прокуратурадан.

Каттақўрғондаги вазият юзасидан бош вазир ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Нарбаева ҳам фикр билдирди. Унинг айтишича, қўмита келажакда бундай ҳолатлар рўй бермаслиги учун ИИВ билан музокара ўтказмоқда. ИИВ ўзининг баёнотида «ходимлар орасида тасодифан пайдо бўлган"лар юзасидан тозалаш ишлари ўтказишга ваъда берди.