Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисми ва 235-моддаси (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланаётган Санъат Умаровга нисбатан Самарқанд вилоят прокуратурасининг «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномаси кўриб чиқилди ва қанотлантирилди.

Олий суд матбуот хизматининг «Газета.uz"га хабар қилишича, жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 6 июлдаги ажримига муфовиқ айбланувчи Санъат Умаровга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.

Аввал хабар қилинганидек, 3 июнь куни Каттақўрғон шаҳар ИИБ биноси даҳлизида тезкор вакил Санъат Умаров ва бошқалар аёл кишини ўғирлик қилганликда айблаб ҳақорат қилган ва ечинишга мажбурлаган. Умаров ушбу жараённи видеога ёзиб олган, тасвир кейинчалик «Озодлик» радиосига келиб тушган. Самарқанд вилоят прокуратураси Санъат Умаровга нисбатан жиноий иш очган, тергов жараёни давом этмоқда.

Ички ишлар вазирлиги Санъат Умаровнинг ишдан бўшатилгани ва ички ишлар органлари сафида «тозалаш» ишлари олиб борилиши ҳақида маълум қилди.