Шу йилнинг февраль ойида Америкага уюштирган сафаримиз давомида жуда кўплаб масканлар, таълим муассасалари, сайлгоҳ ва хиёбонларда бўлдик. Журналистлар гуруҳида «Боғдод» телеканали ходими — Элдор Эксанов ҳам бўлиб, катта камерани кўтариб олган, нима қизиқ кўринса тасвирга туширарди, биз эса телефон ёки фотоаппаратда кўрган-кечирганларимизни муҳрлар эдик. Аммо қаерга борсак ҳам бир масала доимий эслатиб турилди: болаларни тасвирга олманг. Мактаб ёки университетларда ўқувчиларни тасвирга олишимизга ижозат беришмади, машғулотлар жараёнини суратга олмоқчи бўлсак, аввал синф ўқувчиларидан ижозат сўрар эдик, ким рўйхушлик бермаса, илтимос қилиб бир четдаги партага ўтқазилгандан кейингина асвирга олишга рухсат бўларди. Болалар боғчаси олдидан ўтаётганимизда эса барча ёзиш ускуналаримизни ўчиришимизни сўрашди. Буларнинг барчаси болалар тасвирларининг турли ёвуз мақсадли кишилар қўлига тушиб қолишининг олдини олиш учун эди.

Ўтган йилнинг авгусида Олий Мажлис Сенати «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунни маъқуллади ва ҳужжат шу йилнинг март ойидан кучга кирди. Қонун болаларни зарарли ахборотлар таъсиридан ҳимоя қилишга қаратилган, аммо болаларнинг тасвирларини ОАВ, интернет ва тармоқларда тарқалишининг олдини олиш орқали уларни эҳтимолий ташқи хуружлардан, руҳий босимлардан ҳимоя қилиш борасида етарлича ишлар қилинаётгани йўқ. Телевидениеда болаларни одатий ҳолда намойиш этиш у ёқда турсин, интернет кафеларда «қўлга тушган» болалар юзлари очиқчасига намойиш этилганига кўп бор гувоҳ бўлдик. Интернет тармоқларида ҳам болаларнинг тасвирларини керагидан ортиқ учратиш мумкин. Бунда ҳар доим ҳам конфиденциалликка риоя қилинаяптими, боланинг ота-онаси, васийларининг рухсати олинаяптими? Айрим ҳолларда эса ҳатто рухсат берилса ҳам болаларнинг тасвирлари эълон қилинмаслиги керак, деб ўйлайман.

Бугун журналист Каримберди Тўрамурод шу кунларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлаётган воқеа — милиция тезкор вакили томонидан таҳқирланиб, ечинтирилган каттақўрғонлик аёл болаларининг тасвирларини тармоқда эълон қилди. Болаларнинг расмлари тарқалиб кетди. Эҳтимол улар ҳозир нималар бўлаётганини англаб етганича йўқдир, Каримберди ака ҳам соф яхши ниятларда бу ишни қилаётганига заррача шубҳам йўқ, аммо бу ҳолат келгусида болаларнинг кайфияти, руҳияти ва келажагига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. «Сен ўша ечинтирилган аёлнинг боласимисан», деб кимдир сўраб қолса, нима деб жавоб беришади?

Шу нуқтаи назардан қонунчиликка болаларнинг тасвирларини эълон қилишни чеклаш бўйича ўзгартишлар киритилиши, агар бу меъёрлар мавжуд бўлса, амалда жорий этилиши таъминланиши керак. Ҳеч бўлмаса болаларнинг юзлари хира қилиниши, бекитилиши лозим. Болалар ҳар томонлама — ҳатто конфиденциаллик нуқтаи назардан ҳам давлат ва жамият ҳимояси остида бўлиши, улар ҳуқуқлари кафолатланиши шарт.

Санжар Саид, блогер