Ўзбекистон Бош прокуратураси Қаттақўрғон ИИБ тезкор вакили Санъат Умаровга нисбатан қўзғатилган жиноят иши тафсилотларини эълон қилди.

Хабарда қайд этилишича, 22 июнь куни фуқаро Н.Т. Самарқанд ариза билан мурожаат қилиб, 3 июнь куни Каттақўрғон шаҳар ИИБ тезкор вакили С.Умаров ва бошқалар уни шаҳар ИИБ биносида ҳақорат қилиб, ечинтиришга мажбур қилишганини билдиради.

Ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда 3 июнь куни соат 10:00 ларда фуқаро Н.Т. Каттақўрғон шаҳрининг «Деҳқон бозори"да бўлган вақтида шаҳар ИИБ ходимлари уни ўғрилик қилганликда гумон қилиб, шаҳар ИИБ маъмурий биносига олиб келишгани аниқланган. Шаҳар ИИБ тезкор вакили С.Умаров унга ўғрилик қилиш мақсадида бозорга келганлигини айтиб, уни ҳақорат қилган. Сўнг ИИБ маъмурий биносининг коридорида Н.Т. нинг эгнидаги барча кийимларини ечишга мажбур қилиб, бу ҳолатни ўзи видеотасвирга олган.

4 июль куни Самарқанд вилоят прокуратураси томонидан Каттакўрғон шаҳар ИИБ тезкор вакили С.Умаровга нисбатан Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда С.Умаров ушланган ва унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Шунингдек, Каттақўрғон шаҳар ИИБда мазкур ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилмоқда.