Ўзбекистон фуқаросининг эски намунадаги биометрик бўлмаган паспортининг амал қилиш муддати узайтирилди. Вазирлар Маҳкамаси 30 июнь куни шу ҳақдаги қарорни имзолади, дея хабар қилди Адлия вазирлиги расмий Telegram-каналида.

Қарорга кўра, биометрик бўлмаган паспортининг амал қилиш муддати:

  • мамлакат ҳудудида 2019 йил 31 декабрга қадар;
  • чет эл ҳудудида паспортнинг амал қилиш муддатига қадар узайтирилди.

Ўзбекистон эгаларининг биометрик маълумотлари бўлган паспортлар 2011 йил 1 январдан жорий этила бошлаган эди. Паспортлар 2015 йил охирига қадар тўлиқ алмаштирилиши лозим эди, бироқ бу муддат 2018 йил 1 июлга қадар узайтирилди.

Сўнгги ойларда ИИВ ва унинг бўлинмалари бир неча маротаба паспортини алмаштирмаган фуқаролар жаримага тортилиши (ЭКИҲнинг 0,5 дан 3 баробаригача) тўғрисида огоҳлантирди.

Ўтган ҳафтада эса ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов июнь сўнгига қадар 21,194 миллион фуқаро ёки аҳолининг 94,9 фоизи биометрик паспорт олиб улгурганини маълум қилди.