Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Нарбаева ўзининг Фейсбукдаги саҳифаси орқали Каттақўрғон тумани ИИБ тезкор вакилининг фуқаро Н.Т.га нисбатан зўравонлик қилганига муносабат билдирди.

«Самарқандлик аёл билан бўлган воқеа — бу албатта, ҳеч қайси одоб ва ахлоқ қоидаларига тўғри келмайди. Аввало гап „эркак“ тарбиясининг даражаси тўғрисида бўлиши керак», — дея бошлайди Нарбаева ўз мурожаатномасини.

Шунингдек у бу масалада Ички ишлар вазирлиги тизимини айбламаслигини билдиради: «Бу ҳолат мутлақо ички ишлар идоралари фаолиятига дахлдор эмас, аксинча, бу нуфузли вазирлик ўз сафларини нопок, қўпол ходимлардан тозалаяпти».

У ўз сўзи давомида аёлларни ҳимоя қилиш борасида қўмитанинг позициясини маълум қилган: «Республика хотин-қизлар қўмитаси аёллар билан, у қандай хато қилиб қўйганидан қатъи назар, бундай муносабатда бўлишга мутлақо қарши! Биз барча аёлларимизни ҳимоя қилиш борасида ўз фаолиятимизни олиб бормоқдамиз. Ҳозирги кунда оилада, меҳнат жамоасида, кўча-куйда аёл зўравонлик қурбони бўлса, биз албатта уни ҳимоя қиламиз», — дейди Танзила Нарбаева.

Бу борада ҳар бир туман ва шаҳарда аёлларга ёрдам берадиган марказлар ташкил қилинмоқда, шу билан бирга зўравонликнинг олдини олишга қаратилган махсус қонун яратилиши устидан ҳам иш олиб борилмоқда.

«Мазкур воқеа барча хотин-қизларимизнинг нафратини уйғотди, буни ижтимоий тармоқлардаги қизғин муҳокамалар кўрсатмоқда. Биз Бош прокуратура томонидан қўзғатилган тергов иши якунларини кутамиз ва шу аёлнинг муаммоси билан албатта шуғулланамиз», — дея ўз сўзини якунлайди Нарбаева.

Эслатиб ўтамиз, 3 июнь куни Каттақўрғон шаҳар ИИБ тезкор вакили С.Умаров ва бошқалар фуқаро Н.Т.ни шаҳар ИИБ биносида ҳақорат қилиб, ечинтиришга мажбур қилган. 4 июль куни ИИБ ходимининг аёлни таҳқирлагани тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда эълон қилингач, жамоатчиликнинг кескин норозилиги ва эътирозларига сабаб бўлди. Ўзбекистон Бош прокуратураси ИИБ тезкор ходими қўлга олингани ва унга нисбатан жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.