Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги пайшанба куни кечқурун Самарқанд вилояти Каттақўрғон туман ИИБда тезкор вакил Санъат Умаров томонидан аёл кишининг таҳқирланиши бўйича расмий баёнотини эълон қилди.

Сўнгги кунларда энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлган ҳодисага аввалроқ Бош прокуратура ва бош вазир ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Нарбаева изоҳ берган эди.

«Ҳеч бир жамиятда инсон қадр-қиммати таҳқирланмаслиги, ҳар қандай шароитда ҳам инсон шаъни қадрланиши, унинг ҳуқуқлари тўла кафолатланиши белгиланган. Лекин, баъзи бир нопок ходимлар томонидан қонун бузилиши ҳолатлари содир этилаётгани жуда ҳам ачинарли», — дейилади ИИВ матбуот хизмати номидан эълон қилинган баёнотда.

Унда ғайриахлоқий хатти-ҳаракатга қўл урган ходим шахси тасдиқланиб, «бугунги кунда Санъат Умаров ички ишлар органларидан салбий ҳаракатлари учун бўшатилган», — дейилади.

Ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан бундай салбий ҳолатларни аниқлаш, олдини олиш ва ички ишлар органлари сафларини нопок, тасодифан кириб қолган ходимлардан тозалаш мақсадида, доимий равишда кескин чоралар кўриб борилади», — дейилади баёнотда.

Бош прокуратура маълумотларига кўра, ҳодиса 3 июнь куни бўлиб ўтган, жабрланувчи эса ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига 22 июнда ариза билан мурожаат қилади. Ҳодиса ҳақида эса 4 июлда Санъат Умаровнинг ўзи томонидан тасвирга олингани айтилаётган видеоёзув «Озодлик» радиоси томонидан эълон қилинганидан сўнг маълум бўлди.