Ҳукуматнинг 3 июлдаги қарори билан фуқаролар йиғининг «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси фаолияти такомиллаштирилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram-канали хабар берди.

Қарорга кўра, жамоатчилик тузилмасига раҳбар лавозимига номзодлар қоида тариқасида, олий маълумотли, тегишли ҳудудда доимий яшаётган, ташкилотчилик қобилиятига эга бўлган Ўзбекистон фуқаролари орасидан танланади.

Ички ишлар органлари ходимларига қўйилган талабларга тўғри келадиган «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси раҳбари ва унинг аъзолари фуқаролар йиғини раиси ҳамда профилактика инспектори тавсияномасига кўра ички ишлар органлари кадрлар захирасига киритилади.

Шунингдек, ички ишлар органлари кадрлар захирасига киритилган жамоатчилик тузилмаси раҳбари ва унинг аъзолари сифатида камида бир йил мобайнида намунали фаолият олиб борган шахслар Ички ишлар вазирлиги Академияси касбий тайёргарлик факультетига ўқишга ҳамда ички ишлар органлари хизматига устунлик асосида қабул қилинади.

Бундан ташқари, «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси раҳбари лавозимга тайинланган сўнг унга белгиланган тартибда гувоҳнома, кўкрак нишони, хизмат кийими ва хизмат сумкалари берилади.