Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов 3 июнь куни Лозаннада (Швейцария) Халқаро олимпия қўмитаси раҳбари Томас Бах билан илк бор расмий учрашув ўтказди, дея хабар беради МОҚ матбуот хизмати.

Учрашув давомида Умид Аҳмаджонов Ўзбекистонда олимпия ҳаракатини ривожлантириш ҳақида фикр билдирди. Томас Бах қўйилган вазифалар бажарилиши учун Ўзбекистонга мутахассис юборишга ваъда берди.

Умид Аҳмаджонов учрашувда Халқаро олимпия қўмитаси таркибига Ўзбекистондан ўз овози ва сайлаш ҳуқуқига эга аъзони таркибга киритиш масаласини кўтарди. ХОҚнинг Рио-де-Жанейрода ўтган 129-сессиясида ҳозирда фаолият кўрсатаётган саккиз нафар янги аъзо сайланганди ва ҳозирда уларнинг сони 98 кишини ташкил этади.

Томас Бах эса ўз навбатида ХОҚнинг 2019 йилги йиғилишида Умид Аҳмаджонов номзодини Ижроия қўмитаси аъзолигига тақдим этишга ваъда берди.

Лозаннага ташрифи давомида Умид Аҳмаджонов «Олимпия бирдамлиги» дастури раҳбари Пьере Миро, шунингдек, ХОҚнинг бир неча департамент раҳбарлари билан ҳам учрашди ва ҳамкорликда янги лойиҳалар, семинар-тренинглар ўтказиш масаласида келишувга эришди.