15 июлдан Ўзбекистонда E-VISA.UZ электрон кириш визаларини расмийлаштириш ва тақдим этиш тизими жорий этилади. Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг 4 июлдаги «Чет эл фуқароларининг Ўзбекистон Республикасига кириш тартибларини янада такомиллаштириш тўғрисида"гиқарорида кўзда тутилган, дея хабар берди «Газета.uz"нинг ҳукуматдаги ахборот манбаси.

Ушбу санадан бошлаб чет эл фуқароларининг Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларига мурожаат қилиш мажбурияти ҳам бекор қилинади.

Чет эл фуқароларига Ўзбекистонга кириш учун электрон визани расмийлаштириш ва тақдим этиш учун консуллик йиғими миқдори 20 АҚШ долларини миқдорида белгиланди.

Электрон виза бир марталик кириш билан 30 кунгача муддатда Ўзбекистон ҳудудида бўлишга берилиб, тақдим этилган вақтдан 90 кун давомида кучга эга бўлади.

Визани расмийлаштириш учун Ўзбекистонга сафар қилиш белгиланган кунга энг камида уч иш куни олдин мурожаат қилиш лозим. Мурожаат топширилган кун ҳисобга олинмагандан икки иш кунида кўриб чиқилади.

Мурожаатни кўриб чиқиш учун тўлов электрон шаклда халқаро тўлов тизимлари орқали амалга оширилади. Бунда ариза берувчи банк картаси эгаси бўлиши шарт эмас. Тақдим этилган электрон виза электрон почта орқали жўнатилади.