Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судида судланувчи Зокир Алиевга (1972 йилда Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида туғилган, АҚШ фуқароси, муқаддам судланмаган) нисбатан суд жараёни якунига етиб, ҳукм ўқиб эшиттирилди. Бу ҳақда Олий суд расмий вакили Азиз Обидов «Газета.uz"га хабар қилди.

Эслатиб ўтамиз, АҚШда истиқомат қилувчи Зокир Алиев қариндошларининг таклифи билан Ўзбекистонга келганида, террористик ташкилотга аъзоликда гумон қилиниб қўлга олинган эди. Кейинчалик унинг озод қилингани ҳақида хабар тарқалди.

Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, Зокир Алиевни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-моддаси 1 қисми (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) ва 244−2-моддаси 1 қисми (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) да кўзда тутилган жиноятларни содир этишда айбдор деб топди.

«Суд Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва жиноят қонунчилигида ўзининг теран ифодасини топган инсонпарварлик, бағрикенглик ва адолат тамойилларидан келиб чиқиб, судланувчиларга жазо тайинлади», — дейилади Олий суд хабарида.

Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди 2000 йилдан кейин Ўзбекистон Республикасига келгунга қадар қарийб 18 йил давомида жиноий фаолият билан бошқа шуғулланмаганлигини инобатга олиб З. Алиевга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 57 (енгилроқ жазо тайинлаш) ва 59 (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) моддаларини қўллаган ҳолда энг кам ойлик иш ҳақининг 600 баробари — 1,05 млн сўм миқдорида (амалдаги қонунчиликка кўра, жиноят содир этилган вақтда ЭКИҲ 1750 сўм бўлгани ҳисобга олинган — таҳр.) жарима жазоси тайинлади.