Тошкентда 4- ва 5-шакл квартира шахсий ҳисоб рақамларини тавсиявий тартибда кўп қаватли уйларда эсти тизим бўйича юритилган «уй китоблари"га алмаштириш бошланди. ИИББ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасининг хабар қилишича, бу аҳолига қулайлик яратиш мақсадида амалга оширилмоқда.

«Кўп квартирали уйлар аҳолиси прописка, рўйхатдан чиқариш, шунингдек газ, электр, сув таъминоти (иссиқ ва совуқ сув) ва иситиш хизматлари ёки нотариат органларига ҳужжатлар тақдим этиш учун 4- ва 5- шаклдан (квартира ҳисоб рақами, аввал — 16 ва 17-шакл) кўчирма олиш мақсадида ҳудудий ички ишлар бўлимларининг ички миграция ва фуқароликни расмийлаштириш гуруҳларига мурожаат қилар эди. Агар квартира эгасида «уй китоби» бўлса, буларни қилишга ҳожат бўлмайди. Сабаби «уй китоби"да рўйхатга олинганлар билан боғлиқ барча маълумотлар бўлади. Бундан ташқари, адлия органлари билан нотариал идораларга «уй китоблари"ни тақдим этишда юзага келадиган масалалар бўйича келишиб олинди», — дейилади бошқарма хабарида.

«Уй китоби"ни китоб ва газеталар чакана савдоси билан шуғулланувчи дўконлардан харид қилиш мумкин. Кейин маҳалла фуқаролар йиғини сизнинг яшаш манзилингизни ёзиши ва буни муҳр билан тасдиқлаши керак. Шундан сўнг ички миграция ва ички ишлар бошқармасининг фуқароларни рўйхатдан ўтказиш гуруҳига манзил бўйча рўйхатга олинган, «уй китоби"га киритиладиган оиланинг барча аъзоларининг паспорт ва туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари билан бирга мурожаат қилиш керак.

«Уй китоби» сақлаш учун квартира эгасининг ўзида қолади. Сўнгра оила аъзоларида ўзгаришлар бўлганида ёки нотариал органларга мурожаат қилинганда, шунингдек, уй-жой коммунал хизматларига «уй китоби"ни тақдим этишнинг ўзи кифоя.

№4 ва 5 шаклидаги квартира карточкаларини «уй китоби"га алмаштириш тавсия аҳамиятга эга.