Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари 26−29 июнь кунлари Минскда (Беларусь) бўлиб ўтган МДҲга аъзо давлатлар дўстона армиялари ўртасидаги спартакиадада иштирок этди.

Кўп кураш ҳарбий спорт комплексида Беларусь (икки жамоа), Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон армиялари ҳарбий хизматчилари қатнашди.

Ўзбекистон вакиллари турнир мезбонлари — Беларусдан кейинги иккинчи ўринни банд этди. Учинчи ўрин эса Қозоғистон жамоасига насиб этди.

Иштирокчилар 100 ва 3000 метрга югуриш, узоқликка граната улоқтириш, турникда тортилиш, тўсиқли йўлакларни 400 метрга югуриш билан биргаликда ўтиш каби ҳарбий комплекс машқларни якка ва жамоа таркибида бажарди.

Мусобақада подполковниклар Мансур Мамадаминов ва Баҳодир Тўхтаназаров бошчилигидаги Мудофаа вазирлиги жамоаси юқори жисмоний тайёргарликларини намойиш қилди. Кичик сержант Исоқжон Рустамов ягона тўсиқли йўлакларни 400 метрга югуриш билан ўтишда 2 дақиқаю 13 сония натижа қайд этиб, нуфузли мусобақада биринчи ўринни қўлга киритди ва ҳарбий кийимда (аввал машқлар спорт формасида бажарилган) мусобақа рекордини ўрнатди.

Лейтенантлар Шохруҳ Низомов, Фахриддин Мамаризаев, кичик сержант Исоқжон Рустамов ҳамда Умид Аҳмаджонов «Ҳарбий-амалий спорт турлари бўйича спорт устаси» ва Аббос Исхақов «Ҳарбий-амалий спорт турлари бўйича спорт усталигига номзод» талабларини бажарди.