Президентнинг 27 июндаги «Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори билан концепциянинг устувор вазифалари ва амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тасдиқланди. Бу ҳақда Norma.uz хабар тарқатди.

Мазкур концепциянинг амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар белгиланган бўлиб, унда оила институтини мустаҳкамлашнинг институционал ва ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, ижтимоий шерикликни кучайтириш, қийин ҳаётий шароитга эга оилалар тўғрисидаги маълумотларни ўз вақтида олиш мақсадида «Оила» марказининг ягона идоралараро ахборот базасини яратиш кўзда тутилган.

Шунингдек, оилавий бизнесни, оилаларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини янада ривожлантириш, Оила кодексининг оилавий ҳуқуқий муносабатларнинг жавобгарлик мезонларини аниқлаш, алиментларни белгилаш, ажрашиш вақтида аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид нормаларини янада такомиллаштириш, кўп болали ва муҳтож оилаларга имтиёзли кредитлар (ипотека, истеъмол ва бошқалар) бериш ва ер майдонларини тақдим этиш ва бошқалар ҳам назардан четда қолмаган.

Концепцияда никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтиш тизимини такомиллаштириш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг, туғма нуқсонлар билан болалар туғилишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш масаласига ҳам аҳамият берилган.

Ҳужжатда ижтимоий ҳимояга ҳам эътибор қаратилган бўлиб, вояга етмаган ёки ногиронлиги бўлган фарзандларни тарбиялаётган ёлғиз ва кўп болали ота-оналарга ер участкаларидан самарали фойдаланишида кўмаклашиш, ота-оналар учун ногиронлиги бўлган фарзандларни тўғри парваришлаш ва тарбиялаш бўйича методик ҳамда амалий қўлланмаларни ишлаб чиқиш, патронаж ва ижтимоий хизматлар ёрдамида уларнинг кўникмаларини ошириш ва бошқалар ҳам назарда тутилган.

Шунингдек, оилаларда ички оилавий ва шахсий муносабатларни, хусусан ота-она ва фарзандлар, эр ва хотин, қайнона ва келин ўртасидаги муносабатларни яхшилаш, оилада можароли ва оғир турмуш шароитларини амалий ҳал қилиш механизмларини жорий этиш кўзда тутилган.

Концепция ва «Йўл харитаси"ни амалга ошириш жараёнининг мувофиқлаштирилиши ва мониторинги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази зиммасига юклатилди.

2019 йилдан бошлаб ҳар йили 15 майда Ўзбекистонда Халқаро оила куни нишонланади. Ҳукумат фармойишининг тегишли лойиҳаси жорий йил 1 сентябргача Вазирлар Маҳкамасига киритилади.