Президент Шавкат Мирзиёев 2 июль куни 26 июнь санасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва Сенат томонидан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси билан Туркия Республикаси ўртасида экстрадиция тўғрисидаги Битимни ратификация қилиш ҳақида"ги қонунни имзолади. Қонун сешанба куни «Народное слово» газетасида эълон қилинди.

Экстрадиция тўғрисидаги битим Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг Ўзбекистонга қилган ташрифи чоғида, 30 апрель куни имзоланган эди.

Сенат матбуот хизматининг олдинроқ берган хабарига кўра, экстрадиция шартномаси жиноят содир этилгани учун жазонинг муқаррарлиги принципини таъминлаш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади ва икки мамлакат ўртасида жиноятчиликка қарши курашда ҳамкорликнинг самарадорлигини оширишга ёрдам беради.