Ўзбекистонда спортчиларни жаҳон ва Осиё чемпионатлари, олимпия, паралимпия ва Осиё ўйинлари, Универсиадалар, бошқа халқаро ва минтақавий мусобақаларга тайёрлаш учун 5 та марказ ташкил этилади. Norma.uz хабарига кўра, бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 27 июндаги «Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳузуридаги спортчиларнинг олимпия тайёргарлиги марказлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида сўз боради.

Гап қуйидаги объектлар фаолиятини ташкил этиш ҳақида бормоқда:

  • Самарқанд вилояти Самарқанд туманида универсал олимпия тайёргарлиги ва халқаро мусобақалар ўтказиш маркази;
  • Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида миллий терма жамоаларнинг универсал олимпия тайёргарлиги маркази;
  • Жиззах вилояти Зомин туманида гимнастика бўйича олимпия тайёргарлиги маркази;
  • Наманган вилояти Чортоқ туманида спорт ўйинлари бўйича олимпия тайёргарлиги маркази;
  • Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида спорт яккакурашлари бўйича олимпия тайёргарлиги маркази.

2020 йилнинг охиригача марказлар ҳудудида улар олдига қўйилган вазифалардан келиб чиқадиган эҳтиёжларга мувофиқ объектларни қуриш ва реконструкция қилиш бўйича ишлар олиб борилади.