Айни пайтда «Ўзэкспомарказ"да «Ўзбекистон солиқ сиёсатининг янги концепцияси» мавзусида Пресс-клуб йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳам чиқиш қилди.

«Президентимизнинг Солиқ сиёсатини такомиллаштириш тўғрисидаги фармони тарихий аҳамиятга эга. Чунки у мамлакатимиз иқтисодиётида янги бир даврни бошлаб беради. Бунинг сабаби шуки, бугунги кунга қадар ҳам Ўзбекистон солиқ тизимида „Совет даври“ унсурлари бор эди. Бу нималарда кўринади, деб савол берилса, солиққа тортиш ҳамма учун баробар эмаслиги, бозор иқтисодиётининг базавий тамойилларининг инкор қилишини кўрсатиш мумкин», — дейди Жамшид Қўчқоров.

«Янги фармон билан солиқ тизимида мавжуд бўлган энг ёмон иллатлар йўқ қилинди. Биринчидан, илгари корхоналарнинг товар айланмасидан олинадиган 3,2 фоизлик мажбурий тўловлар мавжуд эди. Корхона раҳбари фойда кўрадими, кўрмайдими, буни тўлашга мажбур эди. Эндиликда айланма маблағдан олинадиган солиқ бекор қилинди.

Иккинчи масала, аҳоли даромадларини солиққа тортиш ҳисобланади. Бизда меҳнатга лаёқатли аҳоли сони 13 миллион бўлса, улардан бор-йўғи 4,6 миллион нафари солиқ тўлайди. Энди қанча одам пенсия олади деб сўралса, улар сони 3,3 миллионни ташкил этади. Демак, 4,6 миллион одам 3,3 миллион пенсионернинг пенсиясини таъминлаб бериши керак. Қўпол қилиб айтганда, 1,5 ишчи бир пенсионерни боқиши керак. Бу каби рақамлар Европанинг энг қариб бораётган давлатларига хос кўрсаткич. Биз ёш давлат бўлсак ҳам, вазият шундай. Шунинг учун ҳам президент фармони билан иш ҳақи жамғармасидан солиқ олиш кескин камайтирилади. Бундан кўзланган мақсад иш берувчининг ҳам, ишчининг ҳам меҳнатини яширмаслигини таъминлаш", — дея таъкидлади молия вазири.