Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2 июлдаги қарори билан Тошкентда Пучон университети (Жанубий Корея) ташкил этилишини тасдиқлади. Ҳужжатда қайд этилишича, навбатдаги хорижий ОТМ филиалининг очилиши мамлакат мактабгача таълим муассасаларида кўп йиллик педагог ва тарбиячилар етишмовчилигини тўлдириш ва инновацион муҳитни яратишга қаратилган.

Университет мактабгача таълим, архитектура, дизайн ҳамда таълимнинг бошқа талабгир йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлайди, шунингдек санаб ўтилган соҳаларда илмий-тадқиқот фаолиятини олиб боради.

Таълим Пучон университети ўқув режалари ва дастурлари асосида ўзбек, рус ва инглиз тилларида сиртқи, кундузги ва кечки шаклларда тўлов-шартнома асосида олиб борилади. Бунда потенциал иш берувчилар тақдим этувчи грантлар, шунингдек мамлакат ҳудудларидан бўлган ёшлар учун хомийлик маблағлари жалб қилинади.

Мактабгача таълим, корейс тили, шунингдек архитектура ва дизайн йўналишлари бўйича ОТМга қабул 2018/2019 ўқув йилидан очилади. Ушбу йўналишларга умумий ўрта, ўрта махсус, касбий таълимга эга шахслар ҳужжат топширишлари мумкин.

Университет битирувчиларига бериладиган Пучон университети дипломлари Ўзбекистонда қўшимча юридик жараёнларсиз олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинади.

Университет фаолияти васийлик кенгаши томонидан бошқарилиб, бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов унинг раиси этиб тайинланди. Янги ОТМ Тошкентнинг Чилонзор туманидаги Чилонзор педагогика коллежи биносига жойлаштирилади.

Пучон университети ўз маблағлари ҳисобидан ўқув бинолари, ўқув-лаборатория базаси, талабалар яшаш жойлари ва бошқа иншоотларни мебеллар, инвентарлар, ўқув ва илмий ускуналар билан таъминлайди, замонавий ахборот-ресурс марказини барпо этади.