Тошкент вилоятининг «Туябўғиз» сув омбори қошида кичик ГЭС қурилмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди. Умумий қиймати 16,33 миллион долларга тенг ГЭС «Тўполанг — HPD energy systems» компанияси томонидан барпо этилмоқда.

Июнь ойи аввалида бошланган қурилиш ишларида 200 нафардан ортиқ қурувчи ва ишчи меҳнат қилмоқда. Ҳозиргача ГЭСда 61 минг м3 ер ишлари, 6,2 минг м3 бетон ишлари амалга оширилиб, 362,7 тонна метал консрукциялар монтаж қилинди.

Хабарда қайд этилишича, Ўзбекистонда гидроэнергетика салоҳиятининг атиги 6,5 миллиард киловатт/соати ёки 23,7 фоизи ўзлаштирилган, холос.

Шу боис ҳам йирик, ўрта ва микро гидроэлекторстанцияларни лойиҳалаштириш, янги гидроэлекростанциялар қуриш ва ишлаб турганларини модернизация қилиш бўйича «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти бир қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Туябўғиз сув омбори қошида кичик ГЭС, Катта Фарғона каналида кичик ГЭСлар каскади қурилиши, Оҳангарон дарёсида Қамчиқ кичик ГЭС қурилиши, Тўполанг дарёсида Зарчоб кичик ГЭСлар каскади қуриш шулар жумласидан.