Меҳнат ва бандлик муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев 28−29 июнь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган «Ўзбекистон 2035» халқаро форумида вазирликнинг қисқа муддатли стратегияси тўғрисида сўзлаб берди.

Устувор вазифалар қаторида у айниқса яқинлашиб келаётган пахта кампанияси даврида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, меҳнат миграцияси жараёнини тартибга солиш, меҳнат муҳофазасини кучайтириш, таҳлилий маълумотларга ва Халқаро меҳнат ташкилотининг ратификация қилинган конвенцияларига янгича ёндашув бўйича чора-тадбирларни санаб ўтди.

Вазирлик матбуот хизматининг хабар қилишича, форумда дунёдаги йирик аудиторлик компанияларидан бири ҳисобланган KPMG билан вазирлик ўртасида келишувга эришилди.

Бундан ташқари, вазирлик Buyuk Kelajak экспертлик кенгашининг бир ёки бир неча вакилларини вазирнинг штатсиз маслаҳатчиси лавозимига жалб қилиш имкониятларини кўриб чиқмоқда.

«Биз хориждаги ватандошларимиз билан ҳамкорлик қилишга очиқмиз. Уларнинг кўпчилигида Ўзбекистон меҳнат ва бандлик соҳасини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш доирасида биз фойдаланишни хоҳлаган ноёб тажрибалар мавжуд», — деди вазир Шерзод Кудбиев.