Тошкентдаги Қўйлиқ бозори яқинида бир марталик ёлланма меҳнат билан шуғулланувчи хотин-қизлар билан Сайёр қабул ташкил этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Хотин-қизлар раиси ўринбосари Мукаррам Нурматова «Газета.uz"га маълум қилди.

Мазкур Сайёр қабул Ўзбекистон президентининг «Хотин-қизларни қўллаб қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора- тадбирлари тўғрисида"ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида «Бизнинг жамиятда ҳар бир аёл давлат ҳимоясидадир!» шиори остида ўтказилди.

Сайёр қабул ташкил қилинишидан олдин ҳафта давомида мазкур норасмий шохобчада асосан Наманган, Фарғона, Андижон, Самарқанд, Сурхондарё ва Тошкент вилоятидан келиб вақтинчалик меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган 150 нафардан ортиқ хотин-қизларнинг ҳар бири билан алоҳида суҳбат олиб борилиб, уларнинг муаммолари ўрганилди.

Суҳбатлар натижасида қуйидаги асосий муаммолар аниқланди:

  • ишсизлик;
  • уй-жойининг йўқлиги;
  • турмушидан ажралгани ва боқувчисининг йуқлиги;
  • норасмий никоҳлар;
  • айрим аёлларда фуқаролик паспортининг мавжуд эмаслиги.

Сайёр қабул давомида 112 нафар аёлларнинг муаммолари ўрганилди. Бир куннинг ўзида 67 нафар аёлнинг муаммолари бартараф этилди.

Маълум бўлишича,уларнинг аксарияти ўз ҳудудларидаги Халқ қабулхоналарига мурожаат қилишган ва муаммолари ўз ечимини топмаган. Шу туфайли муаммоларини ҳудудларда ҳал бўлишига ишончсизлик пайдо бўлган. Муаммоларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва вилоят Хотин-қизлар қўмиталари вакиллари, ИИБ ходимлари, ДСҚ, Бандликка кўмаклашиш маркази, Соғлиқни сақлаш бўлимларидан вакиллар жалб қилинди.

Тадбир доирасида ишсиз юрган, қўлида ҳунари йўқ қизларга маълум йўналишда ҳунар ўргатиш ва уларни қўшимча даромад топа олиши учун имконият яратиш мақсадида уларни зарур асбоб-ускуналар билан таъминлаш режалаштирилган.

Сайёр қабул Тошкент шаҳрининг Сергели, Олмазор туманларида ва Тошкент вилоятида ҳам режа асосида ўтказилади.