Умиджон Зокиржонович Салимов «Ўзавтосаноат» компанияси бошқарув раисининг ривожлантириш ва маркетинг бўйича ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Адлия вазирлиги Telegram-каналида хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг августидан яқин вақтга қадар Умиджон Салимов «Ўзавтосаноат» раҳбари эди. 26 июнь куни мамлакатда автомобиль саноатини ривожлантириш масалалари бўйича Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида бўлиб ўтган йиғилишдан сўнг Шавкат Бўронович Умурзоқов компания раиси этиб тайинланди.

Йиғилишда президент ҳукумат ва «Ўзавтосаноат» раҳбариятига автомобилсозлик саноатини ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш, замонавий автомобилларни ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш, сотиш тизимини яхшилаш ва коррупцияга барҳам беришни топширди.