Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 29 июнь куни Туркманистон Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, давлат раҳбари суҳбат аввалида Туркманистон Президентини туғилган куни муносабати билан самимий муборакбод этиб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва янги зафарлар тилади.

Суҳбат чоғида савдо, ишлаб чиқариш кооперацияси, энергетика соҳалари, самарали транспорт ва транзит коммуникацияларини ривожлантириш, шунингдек, маданий-гуманитар йўналиш бўйича ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Туркманистон президенти самимий табрик ва тилаклар учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди ҳамда Ўзбекистон президентини жорий йил август ойида Ашхободда бўлиб ўтадиган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарларининг саммитида иштирок этишга таклиф қилди.