Ўзбекистонда транспорт ойналарини қорайтиришга пул тўланиши эвазига рухсат берилиши режалаштирилмоқда. Ҳукуматнинг бу ҳақдаги қарори жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Мазкур қарор «транспорт воситалари ҳайдовчиларига, жумладан республика ҳудудига кирган сайёҳларга қулай шароит яратиш, шунингдек, ойнаси қорайтирилган транспорт воситалари ҳаракатини тартибга солиш"га қаратилган.

Мазкур ҳужжатда автомобиль орқа ойнасининг ёруғлик ўтказувчанлиги 5 фоиздан кам бўлмаслиги, орқа ўриндиқнинг ён томонларидаги ойналарнинг ёруғлик ўтказувчанлиги эса 30 фоиздан кам бўлмаслиги белгилаб қўйилган. Ойнани қорайтириши воситаси (тонировка)ни ўрнатиш ИИВ қошидаги Инновацион лойиҳалар ва аҳолига хизмат кўрсатиш маркази томонидан давлат стандартига биноан ишлаб чиқарилади.

Тонировка учун Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг бўлимлари томонидан рухсат олиниши керак ва у бир йил муддатга берилади.

Енгил транспорт воситалари олд ойнасининг юқори қисмида кенглиги 14 сантиметрдан ошмаган 30 фоиздан кам ёруғлик ўтказувчи чизиқларни ўрнатишга рухсат талаб этилмайди.

Ўз навбатида тонировкани ўрнатишга рухсат олиш учун тўловлар ставкаси жисмоний шахслар учун энг кам иш ҳақининг 90 баробари (15,5 млн сўм), юридик шахслар учун эса ЭКИҲнинг 120 баробари (20,6 млн сўм) миқдорида белгиланиши мумкин. Хорижий мамлакатларга тегишли юридик шахслари учун эса ЭКИҲнинг 140 баробари (24,1 млн сўм) миқдорида тўлов белгиланиши кутилмоқда.

ИИВ томонидан тайёрланган ҳужжатга кўра, тўловлардан тушадиган пулларнинг 92 фоизи ижтимоий лойиҳаларни амалга оширилиши мақсадида маҳаллий бюджетларга йўналтирилади. 8 фоизи эса моддий-техник базани ривожлантирувчи махсус фонднинг ривожланишига, ИИВ ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва тонировкани ўрнатиш билан боғлиқ вазирликнинг бошқа харажатлари, шунингдек моддий-техник базани ривожлантириш ва ДЙҲХХ ходимларини ижтимоий рағбатлантириш кўзда тутилган.

Ўзбекистон ҳудудига кирган ва транзит орқали ўтиб кетадиган хорижий давлатларга тегишли транспорт воситаларининг ойнаси қорайтирилган бўлса, улардан 15 АҚШ доллари миқдорида пул ундирилади. Бу маблағ давлат бюджетига тушади ҳамда ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш йўлида сарфланади.

Давлат ташкилотлари (тасдиқланган ҳужжатга кўра)га тегишли хизмат автомобилларига ойнани қорайтиришга рухсат бериш ва тонировкани ўрнатиш бепул амалга оширилади.

Шу билан бир қаторда автомобилларга рухсатсиз тонировка ўрнатганларга нисбатан маъмурий жавобгарликни янада қатъийлаштириш кутилмоқда.