Халқ таълими вазирлиги раҳбар лавозимларига ходимларни саралаш бошлангани тўғрисида эълон қилди, дея хабар берди ХТВ «Газета.uz"га.

Давлат органи «мактаб таълимини юксалтиришда аниқ таклифларга эга бўлган шижоатли, замонавий фикрлайдиган ва энг муҳими ёш авлод таълим-тарбиясига бефарқ бўлмаган юртдошларимизни раҳбар лавозимларга таклиф этади».

Номзодлар ўзлари тўғрисидаги маълумотларни ХТВ электрон почтасига юборишлари лозим. Аризаларда исм-шариф, яшаш жойи ва боғланиш учун маълумотлардан ташқари, қуйидаги саволларга ҳам жавоб беришлари лозим:

«Сиз тизимдаги қайси бўғинни ривожлантира оламан деб ўйлайсиз? (вазирлик марказий аппарати бўлинмалари, вилоят бошқармалари, туман (шаҳар) бўлимлари, таълим муассасаси раҳбарлари лавозимига);

«Шу лавозимга нега айнан Сиз муносибсиз (100 тагача сўз)?»

Вазирлик CV ёки шахсий маълумотнома ҳамда 3×4 ҳажмдаги расм ҳам илова қилиниши кераклигини маълум қилди.