Чирчиқ полигонида Мудофаа вазирлиги қўшинлари ўртасида ўтказилган биринчи танк биатлони бўйича ўтказилган мусобақа якунланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Икки босқичли мусобақанинг дастлабки кунида танкда Жануби-ғарбий махсус, Марказий, Тошкент ҳарбий округлари ҳарбий хизматчилари ва Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсантларидан иборат умумий узунлиги 4 минг 200 метр бўлган эстафета айланаси бўйлаб Т-72 русумли танкда баҳсларга киришди.

Мусобақа шартларига кўра, жамоалар чуқурлиги 1 метр 20 см ва узунлиги 25 метр бўлган сувли тўсиқдан ўтиб, баландлиги 7 метр ва узунлиги 25 метр бўлган «қўрғон"дан ошиб ўтди. Шунингдек, танкка қарши миналаштирилган ҳудуд, қийин вазиятлардаги ҳаракатлар, махсус кўприк — эскарп ва бошқа мураккаб тўсиқлардан ўтган иштирокчилар, ўт очиш маррасида ҳаракатланмайдиган нишонларни мўлжалга олди.

Якуний натижаларга кўра, Тошкент ҳарбий округи жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди. Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти жамоаси иккинчи, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи жамоаси эса учинчи ўринни эгаллади.

Танк биатлонининг иккинчи босқичида Мудофаа вазирлиги ҳарбий округлари ва Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртидан олти жамоа Т-62 танкида баҳсларга киришди. Беллашувларнинг якуний натижаларига кўра, Тошкент ҳарбий округи жамоаси ғолибликни қўлга киритган бўлса, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округининг икки жамоаси кейинги ўринларни банд этди.

Фото: Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги

Видео

Видео: Мудофаа вазирлиги