Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг пайшанба кунги ялпи мажлисида «Экстремизмга қарши курашиш ҳақида"ги қонун тасдиқланди, дея хабар беради «Газета.uz» мухбири.

Қонун аҳоли, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, конституцион тузумни ва Ўзбекистоннинг ҳудудий дахлсизлигини ҳимоя қилиш, тинчликни сақлаш, фуқаролар орасида миллатлараро ва динлараро ҳурматни таъминлашга қаратилган.

Қонунни ишлаб чиқишда хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилди. Унда асосий тушунчалар, экстремизмга қарши курашдаги принциплар ва асосий йўналишлар, ушбу соҳада фаолият кўрсатувчи органлар фаолияти ва уларнинг вазифалари, экстремизмга қарши курашиш чоралари, шунингдек, экстремистик фаолиятни содир этганлик учун жавобгарлик кўриб чиқилди.

Қонунда экстремистик ташкилотни тан олиш ва уни тақиқлаш қоидалари ҳам механизми аниқлаштирилди. Қонунга кўра, ташкилотни экстремистик деб тан олиш ва уни зарарсизлантириш Бош прокурорнинг Олий судга берадиган аризаси орқали амалга ошади.

Сенаторларнинг чиқишларида қонунни аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, жамиятда экстремизмга қарши муросасизликни шакллантириш, жиноятларнинг ўз вақтида олдини олиш, аниқлаш ва бартараф этиш, жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш ва халқаро эътироф этилган қоида ва стандартларни ҳаётга татбиқ этишга хизмат қилиши таъкидланди.

Қонун лойиҳаси президент Шавкат Мирзиёевнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг экстремизмга қарши курашиш бўйича конвенциясини амалга татбиқ қилиш ҳақидаги топшириғига биноан ишлаб чиқилди.

Мажлисда сенаторларга ҳужжат ишида қоғоздан фойдаланишни камайтириш ва уларнинг меҳнат самарадорлигини ошириш учун планшет ҳамда компьютерлардан фойдаланиш топшириғи берилди.