Биринчи чорак якунлари бўйича Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 14,5 млрд доллардан 14,7 млрд долларга етди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар қилди.

Ташқи қарз давлат ва хусусий ташқи қарзлардан ташкил топган. Давлат секторида ташқи қарзнинг ўсишига асосан курс ўзгаришлари таъсир кўрсатган. Давлат ташқи қарзи қолдиқ суммаси эса 7,6 млрд доллардан 7,9 млрд долларга етган.

Хусусий ташқи қарз бўйича мажбуриятларнинг ўсиши асосан банк секторига (70 млн доллар) ва нобанк молия муассасалари (3 млн доллар) ҳиссасига тўғри келган.

Шу билан бирга, хўжалик субъектларининг хусусий ташқи қарз суммаси асосий қарз ва фоизлар бўйича қарздорликнинг қопланиши ҳисобига 222 млн долларга камайган. Натижада хусусий ташқи қарз бўйича қарздорлик 6,3 млрд доллардан 6 млрд долларга камайган.

Ҳисобот даврида Ўзбекистоннинг норезидентлар олдидаги мажбуриятлари 26,1 млрд долларгача ошди. Асосий ўсиш тўғридан-тўғри инвестициялар ва қарзлар ҳажми билан боғлиқ. Тўғридан-тўғри инвестициялар бўйича мажбуриятлар январдаги 5,3 млрд доллардан апрелда 5,5 млрд долларга (4,2 фоизга) ўсди.