Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонасида ўқиш, меҳнат фаолияти ва оилавий шароитга кўра шу давлатда бўлиб турган ватандошлар билан учрашув ўтказилди.

Элчихонадан «Газета.uz"га маълум қилинишича, тадбирда 40 дан ортиқ киши, жумладан Путра университети, Ислом халқаро университети, Исломий фанлар университети ва бошқа олий ўқув юртларининг талаба ва ўқитувчилари, шунингдек, Petronas, Google Malaysia, DataMicron Systems, Consolsys ва бошқа компанияларнинг вакиллари иштирок этди.

Учрашувда Ўзбекистонда турли соҳаларда ўзгаришлар бўлаётгани ҳақида фикр билдирилди. Ватандошлар таълим, туризм, давлат хизматларини кўрсатиш тизимини яхшилаш ва инновацион технологияларга эътибор бўйича ўзларининг қарашларини билдирдилар.

Ўзбекистон фуқаролари вазирликлар ва агентликлар вакиллари билан ўзаро фикр алмашиш, турли соҳаларда ҳамкорликнинг истиқболлари ва уларнинг Ўзбекистонда меҳнат фаолиятига жалб этиш бўйича видеоконференция ўтказишни таклиф қилдилар.

Ўзбекистон элчиси Равшан Усмонов хорижда яшовчи ватандошлар билан ҳамкорлик қилиш бўйича давлат сиёсати Концепцияси лойиҳаси тайёрланаётганини билдирди. Унга кўра, чет элдаги фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг Ўзбекистондаги ўзгаришларда фаол иштирок этишларини таъминлаш кўзда тутилган. Яна бир муҳим томони, ҳужжатдаги «ватандошлар» тушунчаси Ўзбекистон билан этник ва тил нуқтаи назаридан боғлиқ бўлган бошқа давлат фуқароларини ҳам қамраб олади.