Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан ҳар йили анъанавий равишда «Йилнинг энг яхши журналисти» танлови ўтказиб келинади. Қоидага кўра, унинг ғолиблари 27 июнь — Матбуот ва ОАВ ходимлари кунида тантанали равишда тақдирланади.

25 июнь куни Журналистлар уюшмаси вакили Никита Макаренкога қўнғироқ қилиб, «Йилнинг энг яхши журналисти» танловида «Интернет журналистика» номинациясида ғолиб бўлганини маълум қилади.

26 июнь куни Никита Макаренко маросим таклифномасини олиш ва тақдим этиши зарур бўлган ҳужжатларни топшириш учун шахсан Журналистлар уюшмаси идорасига боради. Мухбимизга танлов ғолиби экани айтилади ва уни табриклашади.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, 26 июнь куни 10:00 да тадбир тайёргарлик вақтида Никита Макаренконинг номи ғолиб сифатида тилга олинади.

27 июнь куни Миллий академик драма театрида тақдирлаш маросими вақтида сценарий ўзгартирилади: журналистларга Ўзбекистон президенти номидан орден ва медаллар топширилади. «Йилнинг энг яхши журналисти» мукофотини топшириш эса фавқулодда Миллий матбуот марказида 15:00 да бўлиб ўтиши маълум қилинади.

13:00 да Журналистлар уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов Никита Макаренкони ўз хонасига чақириб, у мукофотдан маҳрум этилганини айтади. Унинг сўзларига кўра, ҳакамлар ҳайъати раиси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги раисининг биринчи ўринбосари Собиржон Шукуров бу ҳақда қарор қабул қилган.

У ушбу қарор 27 июнь куни эрталаб маросим бошланишидан аввалроқ қабул қилингани ва Журналистлар уюшмаси учун кутилмаган вазият бўлганини маълум қилади.

«Ўйлайманки, мени қаттиқ ҳақорат қилишди. Ҳакамлар мени мукофотламаслик ҳуқуқига эга эди. Ва бу нормал ҳолат бўларди. Аммо тақдирлаш маросими куни рўйхатдан ўчириш кишини ғазаблантиради ва бу шубҳасиз, қасддан камситиш мақсадида қилинган иш. Менга ҳакамлар ҳайъати раиси бўлган давлат амалдори нима сабабдан бундай қарорга келгани номаълум. Собиржон Шукуров агентликнинг Ўзбекистонда ОАВни назорат қилиш билан шуғулланувчи расмий вакили ҳисобланади. Шунинг учун шахсан менга мустақил журналистларга бундай тадбирларда жой йўқлиги ҳақида аниқ сигнал берилгандек туюлди», — дейди Никита Макаренко.

Журналистлар уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов ҳакамлар ҳайъати таркибини номма-ном айтишга қийналди ва содир бўлган ҳолат сабабларидан хабардор эмаслигини маълум қилди. У мухбирга хавотир олмасликни тавсия қилиб, чой билан меҳмон қилди.