Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 26−30-июнь кунлари Тошкент ва Самарқандда илк маротаба Марказий Осиё Ёшлар форуми ўтказилади. Бу ҳақда Ёшлар медиа маркази «Газета.uz"га хабар қилди.

Форумдан мақсад, Марказий Осиё мамлакатлари ёшлари билан ҳамкорликда ижтимоий аҳамиятли лойиҳалар ва дастурларни амалга оширишдан иборат.


Тадбирда Марказий Осиё давлатлари делегациялари аъзолари, жумладан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Қозоғистоннинг «Жас отан» ёшлар қаноти ва «Нур отан» партияси, Қирғизистоннинг Давлат ёшлари, жисмоний тарбия ва спорт соҳаси агентлиги, Тожикистоннинг Республика Ҳукумати Ёшлар ва спорт қўмитаси ҳамда Туркманистоннинг спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги ҳамда Махтумқули номидаги Туркманистон ёшлар ташкилоти кенгаши вакиллари иштирок этади.

Форум доирасида ёшлар ҳаётига бағишланган кўплаб мавзуларда анжуманлар ташкил этилади. Жумладан, «Фан ва таълимни ривожлантиришда ёшларнинг ўрни», «Марказий Осиё минтақасидаги маданий ҳамкорлик», «Ёшлар туризми — Марказий Осиё тараққиётининг асосий омили», «Терроризмга олиб келувчи тажовузкор экстремизм ва радикализмнинг олдини олиш ҳамда уларга қарши курашишда ёшларнинг роли» каби мавзуларда Марказий Осиёнинг фаол ёшлари давра суҳбатлари ўтказилади.


Бундан ташқари, тадбирга ташриф буюрган қардош халқлар ёшлари учун махсус Ёшлар симфоник оркестрининг Маданият марказлари делегацияси вакиллари билан биргаликдаги чироқли мусиқий «3D mapping» намойиш этилади.

Марказий Осиё ёшлар форуми якунида мамлакатлар ўртасида «Қўшма ҳамкорлик 2019−2021» меморандумини имзолаш режалаштирилмоқда. Ёшлар форуми, минтақа ёшлари учун мулоқот майдонига ва мамалакатлараро муносабатларни ривожлантириш учун платформага айланиши кутилмоқда.