Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов душанба куни бўлиб ўтган йиғилиш давомида ХТВ марказий аппаратининг барча бошқарма ва бўлим бошлиқларини лавозимидан озод қилди. Бу ҳақда «Газета.uz"нинг вазирликдаги ахборот манбаси хабар қилди.

Мазкур қарор Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг вазирлик кадрлар таркибини янгилаш бўйича топшириғи асосида амалга оширилди.

Учрашувда Шерзод Шерматов Халқ таълими вазирлигининг бош мақсади ёш авлодни ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялаш эканини таъкидлаб ўтди. Тизим ходимлари ушбу мақсаддан оғмасликлари керак.

ХТВ раҳбари вазирлик фаолияти уч тамойилга асосланганини маълум қилди. Улар: сифат, адолат ва шаффофлик. «Ушбу мақсад ва уч асосий тамойилга риоя қилганларгина вазирликда қолади, тайёр эмаслар билан эса хайрлашамиз», — деди вазир.

Шерзод Шерматов 20 июнь куни халқ таълими вазири лавозимига тайинланди. Сарвар Бобохўжаев, Отабек Назиров, Алишер Умаров ва Алишер Саъдуллаев эса унинг ўринбосари сифатида фаолият кўрсатади.

21 июнь куни бош вазир Абдулла Арипов видеоселектор йиғилишида ХТВнинг янги раҳбарияти олдига қатор вазифаларни қўйди. Жумладан, мактаблар эндиликда ҳокимиятларга бўйсунмайди ва жамиятда ўқитувчиларнинг обрўси оширилади.