Шайх Абдулазиз Мансур Тошкентнинг янги бош имом-хатиби бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабар қилди.

У 2006 йилдан буён эгаллаб келаётган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари лавозимини сақлаган ҳолда бир вақтнинг ўзида «Минор» масжиди имом-хатиби сифатида ҳам фаолият кўрсатади.

Бу ҳақдаги қарор сешанба куни Шайх Зайниддин масжидида бўлиб ўтган Тошкент имомлари йиғилишида қабул қилинди.

Ziyouz маълумотларига кўра, шайх Абдулазиз Мансур (1944 й. т.) — 1975−79 йиллари Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом олий маъҳадида таҳсил олган. Олий маъҳадни битиргач, «Совет Шарқи мусулмонлари» журнали таҳририятида масъул котиб лавозимида фаолият кўрсатган.

1980−81-йиллари Судан Республикаси Ислом университетида таҳсилни давом эттирди. 1982−2006 йиллари диний идора Фатво бўлими мудири, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида илмий ходим, «Мовароуннаҳр» нашриёти мудири, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси, Тошкент Ислом университети проректори каби масъул лавозимларда хизмат қилди.

Шайх Абдулазиз Мансур амалга оширган «Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири» қайта-қайта нашр қилинди. Устоз «Саҳиҳи Бухорий"ни таржима ва шарҳ қилиб, икки жилдда нашр эттирган. Шайх Абдулазиз Мансур Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида тузилган диний адабиётлар нашри бўйича махсус ҳайъат раисидир.

Халқаро Ислом фиқҳи академияси, Мусулмон олимлари олий ҳайъати аъзоси. Кўплаб мақолалар, китоблар муаллифи.

Тошкентнинг аввалги имом-хатиби Анвар қори Турсунов 13 июнь куни ҳаётдан кўз юмди. У мазкур лавозимда 1999 йилдан буён ишлаб келаётган эди.