25 июнь кечаси таниқли кино ва театр актёри, Ўзбекистон халқ артисти Ҳусан Шарипов 80 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда унинг оила аъзолари «Газета.uz"га хабар қилди.

Ҳусан Шарипов 1937 йил 27 июль куни Тошкентда туғилган. 1963 йилда Тошкент давлат театр-рассомчилик институтини тамомлаган (мусиқали драма актёри). 1959−1991 йилларда Муқимий номидаги театр актёри, 1986−1987 йилларда ушбу театр директори бўлиб ишлаган. 1995−1997 йилларда Ўзбекистон театр арбоблари раиси лавозимида фаолият кўрсатган.

Ҳусан Шарипов «Чинор остидаги дуэль» (1979), «Суюнчи» (1982), «Водиллик келин» (1984), «Келинлар қўзғолони» (1985), «Кичкина табиб» (1998) ва бошқа фильмларда суратга тушган.

1991 йил Ўзбекистон халқ артисти унвони, 1999 йилда эса «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган.

Актёрнинг дафн маросими бугун бўлиб ўтади.