Аралаш жанглар устаси Мурод Хонтўраев Тошкентда ҳибсга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди вакили Азиз Обидов «Газета.uz"га расман маълум қилди.

Жиноий ишлар бўйича Юнусобод тумани суди Тошкент шаҳар прокуратурасининг 22 июнь куни ҳибсга олиш шаклидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги сўровини қаноатлантирди.

Мурод Хонтўраевга (1987 йилда туғилган) нисбатан Жиноят кодекси 277-моддасининг «б» ва «в» бандлари бўйича иш очилган (безорилик, яъни жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик, уриш-дўппослаш, баданга енгил шикаст етказиш ёки ўзганинг мулкига шикаст етказиш ёхуд нобуд қилиш анча зарар етказиш билан боғлиқ ҳолда содир этилса,
б) бир гуруҳ шахслар томонидан;
в) совуқ қурол ёки кишининг соғлиғи учун амалда шикаст етказиши мумкин бўлган нарсаларни (қурол сифатида) намойиш қилиб, уларни қўллаш билан қўрқитиб ёхуд қўллаб).

Айни пайтда айбланувчи тергов изоляторида сақланмоқда. Азиз Обидовнинг айтишига қараганда, яна бирынеча киши ҳибсга олинган.