24 июнь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда president.uz сайтида хабар берилди.

Суҳбат бошида давлат раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўғанни Туркия президенти лавозимига сайлангани муносабати билан самимий табриклаб, унга катта муваффақиятлар тилади.

Ўзбекистон-Туркия кўп асрлик дўстлик ва стратегик шериклик муносабатлари бугунги кунда юқори суръатлар билан ривожланаётгани ва мустаҳкамланиб бораётгани чуқур мамнуният билан алоҳида қайд этилди.

Давлатлар раҳбарлари, шунингдек, мамлакатларимиз ўртасидаги кенг қамровли ва кўп қиррали ҳамкорлиги, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Мулоқот сўнгида Ўзбекистон ва Туркия президентлари барча соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил ривожлантиришга тайёр эканликларини яна бир бор билдирдилар.

Туркияда якшанба куни бўлиб ўтган сайлов бюллетенлари 90 фоизи ҳисоб-китоблари якунлари бўйича президент Ражаб Тоййиб Эрдўған (Адолат ва ривожланиш партиясидан) сайловчиларнинг 53,4 фоизлик овози билан етакчилик қилмоқда.