Ўзбекистон футбол ассоциациясининг тартиб-интизом қўмитаси Вадим Абрамовга мураббийлик фаолиятини давом эттиришга рухсат берди. Сал олдинроқ «нотўғри фикрлар» сабаб мутахассиснинг лицензияси олиб қўйилди.

ЎФА матбуот хизматининг хабарига кўра, Вадим Абрамов ташкилотга мураббийлик лицензияси қайтарилишини сўраб мурожаат қилган. Ассоциация мурожаатни кўриб чиқиб, уни қаноатлантирди.

«Бу мутахассис Ўзбекистон футболи ривожига катта ҳисса қўшган. Унинг натижалари ҳурматга лойиқ. Ўз навбатида Вадим Абрамов футболчилар, мураббийлар ва мутахассисларни ҳурмат қилиши керак. Мураббийлар ва клублар раҳбарлари бир нарсани тўғри тушуниши керак: ҳозирги футбол назоратсиз қолмайди. Ҳар бир ҳаракат, ҳар бир қарор учун масъул шахс бўлади», — дейилади ассоциация хабарида.

«Балки бизнинг орамизда буни тушунмаётган ва барчасини ўзи билгандек қилаётган одамлар бўлиши мумкин. Агар кимдир футболга ёмон таъсир ўтказмоқчи бўлса, унга бу ерда жой йўқ. Ўз вазифасини масъулият ва профессионал кўринишда бажара оладиганларга бизнинг эшикларимиз ҳамиша очиқ», — дейилади.

Вадим Абрамовнинг охирги иш жойи Фарғонанинг «Нефтчи» клуби бўлганди.