Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонасида 20 июнь куни икки давлат ўртасидаги иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликка бағишланган бизнес семинар бўлиб ўтди.

Ўзбекистоннинг Куала-Лумпурдаги элчихонасидан «Газета.uz"га маълум қилишларича, тадбирда 15 та ташкилот ва компаниялардан, жумладан, Малайзия Марказий банки (Negara Bank Malaysia) ва Малайзиянинг Ташқи савдони ривожлантириш бўйича корпорацияси (MATRADE)дан, жами 30 нафардан ортиқ вакиллар қатнашди.

Silverlake Group директори Редзуан Кушаири Ўзбекистонда режалаштирилаётган лойиҳалар ҳақида гапирди. Улар орасида Ўзбекистон Марказий банки билан ҳамкорликда мобиль ва интернет тўловларни ва банк хизматларини, давлат хизматларининг барча турларини тақдим этиш учун идентификацион карточкалар тизимини ишлаб чиқишда дастурий ечимларни жорий қиилиш мақсадида Рақамли иқтисод марказини тузиш режаси бор. Silverlake Group ЎМБ билан ҳамкорликда бу лойиҳаларни амалга татбиқ этиш учун қўшма корхона ташкил этмоқчи. Биринчи босқичда тўғридан-тўғри инвестиция миқдори 50 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Serbo Dinamik вице-президенти Палендран Палачандран Ўзбекистонда «Каустик сода ишлаб чиқарувчи завод қуриш» ва «Нефть ва газ турбинларини таъмирлашда техник парк яратиш» лойиҳаларини тақдим қилди. Дастлабки босқичда 80 миллион доллар миқдоирда инвестиция ажратилади. Компания июль ойида Тошкентда ваколатхона очмоқчи.

Monarch Aesthetic директори Эдди Го 500 минг доллар инвестиция киритиладиган, Тошкентда косметологик тиббий марказини ташкил этиш лойиҳасини тақдим этди. Monarch Holdings қўшма корхонаси ташкил этилди, ҳозир ускуналарни етказиш ишлари олиб борилмоқда.

Frasers Hospitality Hotel меҳмонхона комплексининг департамент директори Жеффри Муҳаммад компаниянинг Бухоро, Самарқанд ва Тошкентда меҳмонхоналар қуришга қизиқаётганини билдирди.

Тадбирда MATRADE бошчилигидаги Малайзия ишбилармонлари вакилларининг октябрь ойи охирида Тошкентда бизнес-форум ўтказиш учун ташрифини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди.

Август ойида ORM компанияси Ўзбекистонга ташрифбуюради ва Осиё-Тинч океани минтақаси ва Жанубий Хитойга экспорт қилиш учун мева-сабзавотларни етиштириш, сақлаш ва қайта ишлаш учун мажмуа яратиш имкониятлари кўриб чиқилади.