Ўзбекистон президентининг «Дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш самарадорлигини ошириш ва аҳолини улар билан таъминлашни яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони қабул қилинди.

Унга кўра, ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларини қатъий нархларда сотиш тўғрисидаги талаб бекор қилинди.

Ижтимоий дорихоналар томонидан ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларини сотиш уларнинг сотиб олиш қиймати ёки улгуржи нархига 10 фоиз чекланган савдо устамаси қўлланилган ҳолда амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

Шунингдек, мазкур фармонда юқори тартибга солувчи талаблар қўйилган мамлакатларда рўйхатдан ўтказилган дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш натижаларини тан олиш таъкидланди.

Ўзбекистон президентининг 2017 йил 7 ноябрдаги «Фармацевтика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5229-сон Фармонининг 11-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисобланди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг илғор халқаро амалиётни ўрганиш асосида бир ой муддатда асосий касалликларнинг диагностика ва даволаш стандартлари, клиник протоколлари қайта кўриб чиқилишини ҳамда ҳар чоракда Ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг рўйхати қайта кўриб чиқилиши таъминланади.

Фармонда дори воситаларининг божхона расмийлаштирувига, давлат рўйхатидан ўтказилиши ва реализация қилинишига талабларни такомиллаштириш, шунингдек, фармацевтика фаолиятини тартибга солувчи бошқа масалалар бўйича таклифлар киритилиши белгиланди.

Шунингдек, Бош прокуратура ва Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан биргаликда 2018 йил 1 декабрга қадар муддатда мамлакатда рўйхатдан ўтказилган дори воситаларини юқори тартибга солувчи талаблар қўйилган мамлакатларда қўллашга тақиқ мавжудлиги нуқтаи назаридан инвентаризация қилиниши, бундай тақиқларни жорий этишнинг сабаб ва шарт-шароитларини ўрганиши ҳамда Ўзбекистон ҳудудида улар келгусида қўлланилишининг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида таклифлар киритиши алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги 2018 йил 20 июлга қадар муддатда дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш натижалари Ўзбекистон Республикасида тан олинадиган мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар рўйхатини тасдиқлаш учун; қонун ҳужжатларига мазкур фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни киритиши белгиланди.