20 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқди. Кун тартибидан ўндан ортиқ масала ўрин олди. Улар ичида «Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталарни чекишни чеклаш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди, деб хабар берди парламент қуйи палатасининг матбуот хизмати.

«Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси ташаббуси билан бир гуруҳ депутатлар томонидан қуйи палата муҳокамасига киритилган мазкур қонун лойиҳаси фуқароларнинг соғлиғини чилим ва электрон сигареталарнинг зарарли таъсиридан, у билан боғлиқ ижтимоий ва бошқа салбий оқибатлардан муҳофаза қилишга қаратилган.

Ҳужжат мамлакатда тамаки чекишга бўлган чекловларга қўшимча равишда жамоатчилик орасида кашандаликка қарши курашиш муҳитини шакллантиришнинг ташкилий ва ҳуқуқий асосларини яратишда қўл келади.

Мунозаралар давомида сиёсий партиялар фракциялари вакиллари томонидан қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекиш кенг тарқалишининг, чилим ва электрон сигареталарни чекилиши натижасида келиб чиқадиган касалликларнинг, шунингдек гуруҳ бўлиб чекиш оқибатида юқиш хавфи бўлган касалликлар тарқалишининг олдини олишга хизмат қилиши қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, 2012 йил апрелидан бошлаб Ўзбекистонда жамоат жойларида тамаки маҳсулотларини (шу жумладан носвой ҳам) чекиш қонунга кўра тақиқланган. Аммо бунинг учун жазо белгилаш чораси фақат 2015 йилнинг охирида киритилган. Қонуннинг кўпгина қоидалари ҳали ҳам назорат қилинмайди.