Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича учрашувлар ўтказиш учун Парижда бўлиб турибди. БУ ҳақда «Дунё» АА хабар қилди.

Ташриф доирасида Жаҳон мероси маркази директори Мехтильд Рёсслер ва ИКОМОС Маслаҳат ва мониторинг маркази (Ёдгорликлар ва диққатга сазовор масканларни сақлаш бўйича халқаро кенгаш) директори Регина Дюригелло билан музокаралар бўлиб ўтди.

Жаҳон мероси маркази ва ИКОМОС Маслаҳат ва мониторинг маркази раҳбарлари билан учрашув.

Азиз Абдуҳакимов ЮНЕСКО бош директори ўринбосари Эрнесто Рамирез билан ҳам учрашди. Томонлар Ўзбекистон ва халқаро ташкилот ўртасидаги алоқалар ҳолати ва истиқболлари, жумладан ЮНЕСКО билан ҳамкорлик бўйича Мамлакат дастурини қабул қилишни муҳокама қилди.

Музокараларда ўзбек халқининг архитектура ва тарихий-маданий ёдгорликларини сақлаш масалалари муҳокама қилинди. 9 июнь куни Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ЮНЕСКО Жаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қарорни эълон қилгани ҳақида хабар берилди.

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари қатор мамлакатларнинг ЮНЕСКО ҳузуридаги элчилари билан ҳам учрашди.