Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев 19 июнь куни Чимкентга республика аҳамиятига эга шаҳар мақомини беришни кўзда тутувчи фармонни имзолади.

«Ушбу маъмурий бирлик мамлакатимиздаги 17-ҳудуд бўлади», — деди Нурсултон Назарбоев. Остона ва Олма Ота қаторида Чимкент ҳам аҳолиси 1 млн дан ошган шаҳарлар қаторига қўшилди.

Маъмурий маркази Чимкент бўлган Жанубий Қозоғистон вилояти номи эса Туркистонга ўзгартирилди.

Туркистон шаҳри вилоятнинг янги маркази бўлди. Президент сўзларига кўра, ушбу шаҳар узоқ асрлар давомида Қозоқ хонлиги ва турк дунёси сиёсий ва маънавий ҳаётининг юраги бўлган.