Саудия Арабистонининг Ajlan & Brothers Group компанияси Ўзбекистондаги лойиҳаларга 2 млрд доллар инвестиция киритишни режалаштирмоқда, дея хабар қилди «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Ахборот 24» дастури.

Компания бошқаруви раиси Муҳаммад Абдулазиз Ажлан Ўзбекистонга ташрифи доирасида «Ўзбекипаксаноат» уюшмасида учрашув ўтказди. У Бухоро, Андижон ва Самарқанд вилоятларида пахта ва ипак хом ашёсини қайта ишлаш режалари тўғрисида маълум қилди.

«Мен ипакчилик, пахтачилик ва тўқимачилик саноатига 2 млрд доллар миқдорида инвестиция киритишни мўлжаллаяпман. Биз аллақачон ўзбек ҳамкасбларимиз билан амалий ишларни бошлаб юбордик. Ўйлайманки, ҳамкорларимиз яхши даромад кўришади», — дейди компания раиси «Ахборот 24» дастурига берган интервьюсида.

Компания Бухоро, Андижон ва Тошкентда беш юлдузли меҳмонхоналар қуришни ҳам режалаштирмоқда.

Ajlan & Brothers Group эркаклар бош кийими ва тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасида машҳур. 1979 йилда Ajlan & Brothers Group Саудия Арабистони ва Форс кўрфазидаги араб давлатларида 45 та филиал ва 200 дан ошиқ савдо нуқталари очган.