Ўзбекистон — Россиядан пул жўнатмалари ҳажми бўйича МДҲ давлатлари орасида биринчи ўринда. Бу ҳақда Россия Марказий банкининг биринчи чоракка оид ҳисоботи гувоҳлик бермоқда.

Жисмоний шахслар Ўзбекистонга жами 726 млн доллар юборди. Ўртача жўнатма 314 долларни ташкил этди.

Россия фуқаролари эса мамлакатга 200 млн доллар ёки ўртача 216 доллардан жўнатган. Норезидентлар Ўзбекистонга 525 млн доллар ёки ўртача 380 доллардан юборган.

Россиядан пул жўнатишлар ҳажми бўйича иккинчи ўринни Тожикистон эгаллади. Биринчи чоракда қўшни республикага 487 млн доллар юборилган. Қирғизистон 434 млн доллар, Арманистон — 209 млн доллар, Озарбайжон — 191 млн доллар, Украина — 158 млн доллар, Қозоғистон — 143 млн доллар, Молдова — 109 млн доллар, Беларусь — 73 млн доллар қабул қилиб олди.

МДҲ мамлакатлари рўйхатини Туркманистон 200 минг доллар билан якунлади.

Аввалроқ Ўзбекистон Марказий банки январь-апрель ойларида жисмоний шахслар 1,3 млрд доллар пул ўтказмаларини амалга оширганини маълум қилган эди.