19 июнь куни Тошкентга Жанубий Кореянинг Hyundai Motor Group компанияси президенти Сонг Квон Ҳан бошчилигидаги делегация келади. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.
Ташриф дастурига кўра «Ўзавтосаноат» АЖ раҳбарияти, шунингдек қатор вазирлик ва идоралар иштирокида Ўзбекистон ҳукуматида учрашув ва музокаралар ўтказилади.
Hyundai Motor Group — Жанубий Кореянинг энг йирик, дунёдаги йирик автомобиль ишлаб чиқарувчиларидан бири. Гуруҳ 1998 йилда ташкил этилган бўлиб, ўшанда Hyundai Mottor Company Kia Motors компаниясининг 51 фоизлик акцияларини сотиб олган эди. Компания автомобиль ишлаб чиқаришдан ташқари, қурилиш, молия, металлургия ва бошқа соҳаларда ҳам фаолият олиб боради.
Аввалроқ эса Ўзбекистонда Hyundai юк машиналари, микроавтобуслари ва махсус техникаларини ишлаб чиқариш режалаштирилаётгани хабар қилинган эди.