Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини муқаддас Рамазон ҳайити байрами билан табриклади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

«Сизларни, юртимиздаги барча мўмин-мусулмонларни, бутун халқимизни меҳр-оқибат, эзгулик ва саховат айёми — муборак Рамазон ҳайити билан чин қалбимдан самимий табриклайман. Бу қутлуғ байрамда ҳаммамиз аввало шундай файзли ва барокатли кунларга етказгани учун Оллоҳ таолога чексиз шукроналар айтамиз», — дейилади мамлакат раҳбари табригида.

«Оила, маҳалла ва жамият аҳлига меҳр ва эътибор кўрсатиш, кўмакка муҳтож, эҳтиёжманд кишиларга беғараз ёрдам бериш, яхшилик, сабру қаноат каби эзгу фазилатларни ўзида мужассам этган бу байрамнинг маъно-мазмуни бугунги кунда Ўзбекистонда олиб борилаётган сиёсатгағоят уйғун ва ҳамоҳанг эканини, ўйлайманки, шу саодатли дамларда ҳар биримиз чуқур ҳис этмоқдамиз», — деди давлат раҳбари.

Президент айни вақтда муқаддас ислом динининг ана шундай буюк инсонпарварлик тамойилларини асраш, тарғиб этиш ҳозирги шиддатли замонда ўта долзарб вазифага айланиб бораётганини эслатиб ўтди.

«Мамлакатимизда кейинги пайтда бу борада кўп ишлар қилинаётгани сизларга яхши маълум, албатта. Жумладан, улуғ алломаларимиз Имом Бухорий ва Имом Термизий номларидаги халқаро илмий марказлар, Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилгани шу йўлдаги улкан қадамлар бўлди», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

«Бугунги кунда бутун инсоният ҳаётига таҳдид солаётган хавф-хатарларга қарши жаҳолатга қарши — маърифат асосида курашиш, динимиз поклигини сақлаш бўйича мамлакатимиз томонидан нуфузли халқаро минбарлардан қатор амалий ташаббуслар илгари сурилмоқда. Хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси сессиясида „Маърифат ва диний бағрикенглик“ деган ном билан махсус резолюция қабул қилиш ҳақида билдирган таклифимиз жаҳон миқёсида кенг қўллаб-қувватланмоқда», — деди президент.