Бухоро вилоят суди томонидан 8 июнь куни асоссиз жавобгарликка тортилган О.Қўзиев ва О.Меҳмоновга оид жиноят иши ҳаракатдан тугатилиб, адолатсизлик қурбони бўлган яна икки нафар шахс оқланди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди раиси ўринбосари А.Шайдоев «Газета.uz"га маълум қилди.

Жиноят иши ҳужжатларида О.Меҳмонов 2015 йил 13 июлдан 25 август кунига қадар АТ «Халқ банк» Қоракўл филиали бошқарувчи вазифасини вақтинча бажарувчи лавозимида ишлаб, бош ҳисобчи вазифасини вақтинча бажарувчи О.Қўзиев, кирим касса кассирлари М.Назарова, Д.Тўраева ва Ш.Ҳамроева билан тил бириктиргани қайд этилган.

Улар 50,7 млн сўм миқдоридаги талаб қилиб олингунча омонат пулларини кирим қилинганлиги тўғрисидаги сохта маълумотлар тайёрлаганликда айбланган.

О.Меҳмонов ва О.Қўзиевлар томонидан келтирилган шикоятда мансаб ваколатини суиистеъмол қилмагани, ҳужжатларни қалбакилаштирмагани, ўз вазифаларини қонунга асосан бажарганини билдиришган.

ЖКнинг 9-моддасида шахс қонунда белгиланган тартибда айби исботланган ижтимоий хавфли қилмиши учунгина жавобгар бўлиши белгиланган.

Судда О.Меҳмонов ва О.Қўзиевнинг ғараз мақсадда ҳаракат қилгани, шунингдек уларнинг ҳаракатлари оқибатида давлат ва жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёхуд жиддий зиён етказилганлигини тасдиқловчи далиллар аниқланмади.

Юқоридаги ҳолатларни инобатга олиб, жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди кассация судлов ҳайъати томонидан О.Меҳмонов ва О.Қўзиевнинг қилмишларида жиноят таркиби мавжуд бўлмаганлиги сабабли, жиноят ишининг уларга оид қисми тугатилди. О.Меҳмонов ва О.Қўзиев айбсиз деб топилди ва оқланди.