Қимматбаҳо металлар — олтин ва кумушдан тайёрланган, вазни 5 дан 1000 граммгача бўлган қуймаларни 2019 йилнинг баҳоридан бошлаб Навоий кон металлургия комбинати базасининг янги мажмуасидан харид қилиш мумкин. Бу ҳақдаги фармон жорий йилнинг 7 июнь куни Ўзбекистон президенти томонидан имзоланди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати берган маълумотга кўра, Ҳиндистон ва Хитойдан келган туристлар саёҳат давомида тилла буюмлар харид қилишни яхши кўришади.

«Шу сабабли тилла қуймалар сотилишини йўлга қўйиш мумкин. Бу эса қимматбаҳо металлар савдоси ривожига ҳисса қўшади ва Ўзбекистонни сайёҳлар учун янада жозибали масканга айлантиради», — дейилади қўмитанинг Facebook саҳифасида.

Бундан ташқари Марказий банкнинг қимматбаҳо металлардан тайёрланган тангалари ҳам сотувга чиқарилади.

Ўзбекистонда қимматбаҳо металлар импорти ва экспорти қоидалари тўғрисида ҳужжат ишлаб чиқилиши режалаштирилган.