Ўзбекистон Футбол ассоциацияси қарори билан пойтахтдаги «Бунёдкор» стадиони Milliy’га ўзгартирилди.

Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизматининг хабар қилишича, стадионда Ўзбекистон олимпия ва миллий терма жамоалари уй учрашувларини ўтказади.Milliy Ўзбекистон Кубоги, халқаро даражадаги ўйинларни қабул қилиб, мамлакатнинг асосий аренаси бўлади.

«ЎФА ишқибозларни жалб қилиш устида ишлайди. Мухлислар стадионга нафақат ўйин кунлари келишлари, балки бошқа кунлари ҳам арена бўйлаб экскурсия уюштиришлари ҳам мумкин», — дейилади хабарда.

Стадион қошида ташкил этилган футбол академияси Футбол ассоциацияси тасарруфига ўтказилади. Яқин вақтларда Ўзбекистоннинг 14 та ҳудудида биттадан болалар ва ўсмирлар футбол академиялари ташкил этилади. Ушбу академиялар ЎФА қошидаги Республика футбол академияси таркибига кириб, унга энг яхши футболчилар саралаб олинади.

Бу йил Milliy стадионида Футбол академиясининг янги биноси қурилиши бошланади. Биринчи ғишт қўйилишига бағишланган маросимда ФИФА раҳбари Жанни Инфантинонинг қатнашиши кутилмоқда.